- Без рубрики
- ҚОРИ-НИЁЗИЙ ЯРАТГАН БОҒЁХУД ЎЗБЕК ЗИЁЛИЛАРИНИНГ ОҚСОҚОЛИ
ҚОРИ-НИЁЗИЙ ЯРАТГАН БОҒЁХУД ЎЗБЕК ЗИЁЛИЛАРИНИНГ ОҚСОҚОЛИ
ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОН Ижтимоий-сиёсий газета № 196 (718), 2022 йил 23 cентябрь
ҚОРИ-НИЁЗИЙ ЯРАТГАН БОҒ
ЁХУД ЎЗБЕК ЗИЁЛИЛАРИНИНГ ОҚСОҚОЛИ
Муқаддас АБДУСАМАТОВА, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими
Олтмиш йил аввалги гаплар.
1960 йил. Тошкент шаҳри, 1 май кўчаси, 20-уй. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси биноси. Камина шу ерда ҳарф терувчи бўлиб ишлайман. Адабиётга ихлосим мактабдан сўнг шу ерга етаклаб келган. Бу ерда Ғафур Ғулом, Ойбек, Шайхзода, Зулфия, Музайяна Алавия, Саида Зуннунова, Комил Яшин каби адабиётимизнинг қатор дарғалари орасида бўлиш катта бахт.
Кунда бўлмаса-да, кунора бу ерга Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзий ҳам келиб туради. У киши пайдо бўлиши билан дарҳол атрофига одам тўпланарди, суҳбат қизигандан қизирди.
Айниқса, Александр Удалов, Вячеслав Кастелия, Николай Кульков каби рус ёзувчилари домланинг қўлидан ўпиб, пешоналарига теккизиб қўйишарди.
Бир куни бунинг сабабини сўрадим.
— Бу пайғамбарсифат аллома, жуда илмли. Шунга қарамай, ўта камтар, одамшаванда, шоҳугадога бирдек муомала қилади, — деди А.Удалов. Бу воқеадан кейин мен ҳам домланинг келишини, “Она қизим, катталардан ким бор”, деб сўрашини кутадиган бўлдим. Саида Зуннунова эса “илмнинг пири келди”, дерди. Сўнг кўпинча Комил Яшин хонасига тўпланишарди. Чой олиб кирганимда қулоғимга чалингани даврадаги қизғин суҳбат, аския, айтишувлар ҳамон эсимда. Назаримда, Қори-Ниёзий ўзи билан даврага олов ёки олам-олам завқ-шавқ олиб кирарди. Одамлар қалбига нафақат нур, чеҳрасига табассум, балки илмга, фанга меҳр-муҳаббат ҳам улашарди. Бошда гилам дўппи, бошяланг бўлган пайтлари эса оқ-қора аралаш жингалак сочли, барваста қомат, нимтабассум чеҳра кўз олдимда муҳрланиб қолган.
Маҳсидўзнинг оламни сўраган олим ўғли.
Қори-Ниёзий 1897 йил 2 сентябрда Хўжанд шаҳрида, маҳсидўз оиласида туғилган. У Қори-Ниёзий деб аталувчиларнинг биринчиси эди. Ўзининг “Босиб ўтилган йўл ҳақида ўйлар” китобида бундай ёзади: “Ўша пайтларда одамнинг исмига ишлаётган соҳаси қўшиб айтиларди. Масалан, ганчкор Абдулла, темирчи Маҳмуд каби. Отамни қори Ниёз маҳсидўз деб аташган. Яна бошқа давраларда ўқимишли, билимли одам деб танишган. Отам халқ эпосига, шеъриятга қизиққан, хотираси ҳам кучли эди. Умар Хайём, Бедил, Ҳофиз шеърларини ёд айтарди. Исломга оид муқаддас китобларни чуқур билгани, ўргангани боис, уни қори, яъни Қуръонни ёддан билгувчи деб аташган”.
Қори Ниёз ўғлидаги илмга ҳавас, қизиқишни тез пайқайди. Шу боис, ёлғиз фарзандини ўқишга ундайди, Тошмуҳаммад бошланғич билимни эски услубдаги мактабда ола бошлайди. 1 йил ўқиб, Скобелев (ҳозирги Фарғона)даги рус-тузем мактабига ўтади. 1915 йили мактабни муваффақиятли тугатади. 2 йилдан сўнг, 1917 йили Скобелевда ўзи ташкил қилган мактабда ўқитувчилик қилади. Мактаб ўзига қадрдон бўлган рус-тузем ўқув даргоҳи қошида ташкил этилганди. Уни дастлабки кунларданоқ Тошмуҳаммад Ниёзий бошқарган. Меҳнатининг самараси тез кўзга ташланган. Унинг жамоаси Туркистон халқ таълими тизимида энг намунали ҳисобланган.
Олимнинг уй-музейида.
Йиллар ортда қолди. 1980 йиллар бошида Чилонзордан Дархонга кўчдик, уйимиз жойлашган кўчанинг номи Қори-Ниёзий эди, оз бўлса-да, у одамни кўрганим учун фахр туйдим. Унинг эришган ютуқлари, ўзбек илм-фани ривожига қўшган ҳиссаси бениҳоя катта. Бундай алломалар яшаган жойларни зиёрат қилиш, руҳларини шод этиш улуғ савоб, дейди халқимиз. Шу мақсадда Қори-Ниёзий уй-музейига бордим. Кўк дарвоза пештоқидаги мармарга битилган ёзувни ўқийман: “Бу ерда Ўзбекистон Фанлар академиясининг биринчи президенти Т.Н.Қори-Ниёзий яшаган”. Қўнғироқ тугмасини босдим. Ичкаридан чиққан ўрта бўй, истарали киши хушмуо малалик билан ичкарига таклиф қилди. У Жўрабек Ўразаев — олимнинг рафиқаси Ойша опанинг жияни экан. Мўъжазгина ҳовлига қадам қўяр эканман, бу ердаги оддийлик, сокинлик, саришталик, айниқса, ҳовли юқорисидаги айвон мозийдан сўзлаётгандек. Ҳовлига кўрк бўлиб турган чилонжийда, хурмо, айниқса, кўкка бўй чўзган шамшодни кўриб ҳайратландим. Умрим бино бўлиб бунақанги катта шамшодни кўрмагандим. Ток ҳам ёғочларга таралган, помидор, булғор қалампири ҳосили мўл пишиб етилган. Турли гулу райҳон ҳам ёқимли ифор таратмоқда. Аммо ҳовлининг шундоққина тепасида қад кўтарган 9 қаватли бино устингизга босиб ушаётгандек дилни хира қилади. Чап томонга бурилдик. Оёқ кийимларимизни ечиб йўлакка кирганимизда, сўл томондаги хонада бизни ёшгина аёлқарши олди.
— Келинг, хуш кўрдик!
— Вақтингиз хуш бўлсин. Бу сизнинг хонангизми?
Атрофга разм соламан: компьютер, нусха кўпайтирадиган ва бошқа зарур жиҳозлар.
— Ким бўлиб ишлайсиз?
— Услубчиман, касбим лингвист-таржимон.
Москвадаги Халқлар дўстлиги университетини тугатганман. Айни пайтда Қори-Ниёзийнинг барча ижод маҳсуллари архивини тайёрлаяпмиз. Чунки математика, адабиёт, маданият, санъат, астрономия ва бошқа соҳаларга оид у ёзган юзлаб асар, дарсликлар кўплаб келажак авлодларга муносиб қўлланмадир.
— Бу ерда иш бошлаганингизга қанча бўлди?
— Икки йилдан ошди. Лекин ишлашга шу қадар қизиқиб кетдимки, уйда ҳам, йўлда ҳам, ҳатто фарзандларим билан юрганимда ҳам домланинг бу қадар бой илмий мероси борлиги хаёлимни босаверади. Шу боис, Қори-Ниёзийнинг илм-фан соҳасидаги бетакрор бойликларидан ёшларни ҳам хабардор этишни мақсад қилганман…
Боғнинг илк ниҳоллари ва мўл ҳосили.
Қори-Ниёзий халқ таълими соҳасида иштиёқ ва режалар билан ишга киришади. У пайтда нафақат ёшлар, балки катталарни ҳам ўқитиш зарур эди. Мамлакатда саводсизликни тугатиш тўғрисида қонун қабул қилинади. 1920 йил охирларига келиб, катталарни ҳам ўқита бошлайди. Қўқон педагогика техникумини ташкил қилади-ю, уни ўзи бошқаради. Билим бериш билан бирга, мусиқа, санъат, театр соҳаларида ҳам қўлланмалар яратади.
1924 йилда техникумни 13 нафар ёш мутахассис тугатади. “Фарғона” газетаси ўша йил 26 майдаги сонини тўлиғича уларга бағишлайди ва битирувчиларни “13 қалдирғоч”, деб атайди. Фидойи ўқитувчи энди математика, табиатшунослик фани бўйича ўзбек тилида китоблар йўқлигини ҳис қилади. Ҳамкасблари билан рус тилидаги ўқув қўлланмаларини таржима қилишга киришади. Шунингдек, илк китобларини ёзади. Ўзбек тилидаги “Ҳаёт мактаби”, “Табиатнинг бир бўлаги” каби дарсликлар илм соҳасида инқилобга тенг эди. Ўз билимини ошириш мақсадида Қори-Ниёзий Ўрта Осиё давлат университети физика-математика факультети талабаси бўлди. Орадан 4 йил ўтгач, 1930 йили ўзбеклардан биринчи бўлиб математика соҳасида диплом ёқлаган.
Ўзбекистон Фанлар академияси асосчиси ва унинг биринчи президенти, физика-математика фанлари доктори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби, 1931 йилда ўзбеклар орасида биринчилардан профессор унвони, 1939 йилда физика-математика фанлари доктори илмий даражаси — булар олимнинг илм йўлидаги баъзи босқичлар, холос.
Қори-Ниёзий нафақат математика, балки Марказий Осиё мутафаккирларининг бой илмий-маданий меросини ўрганиш, тарғиб-ташвиқ қилишга муносиб ҳисса қўшган, фикр қамрови кенг олим сифатида ҳам катта илмий мерос қолдирди. Шу жумладан, унинг жаҳонга машҳур “Улуғбекнинг астрономик мактаби” асари диққатга сазовордир. У нафақат йирик олим ва педагог, балки жамоат ва давлат арбоби сифатида ҳам ёрқин фаолият юритган. Қори-Ниёзийнинг ўзбек, рус ва инглиз тилларида уч юздан зиёд илмий асари, монографияси ва мақоласи босилиб чиққан. У ўзбек халқи шуҳратини нафақат ўз юртида, балки ўнлаб хорижий давлатларда бўлиб ўтган халқаро илмий кенгашларда кўз-кўз қилган. Уни Ўзбекистон зиёлиларининг чинакам оқсоқоли, дейиш мумкин. Қори-Ниёзий бутун умрини илм ва маданиятга хизмат қилишга бағишлаган. Ўзбекистонда илм ва маданият ривожи бевосита унинг номи билан боғлиқ.
Уй-музейнинг қувонч ва ташвишлари.
Хонадан чиқиб залга кирдик. Руҳимда ўзига хос ўзгариш сездим. Рўпарада олимнинг портрети, ўртада стол-стуллар. Озода, саришта, гард йўқ. Бир томонда олимнинг шогирдлари, илм-фан дарғалари Т.Саримсоқов, С.Сирожиддинов, М.Салоҳиддинов, академиклар Т.Жўраев, Ш.Аюпов, А.Саъдуллаевнинг суратлари. Чап тарафда тарих лаҳзалари: олимнинг Лутфихоная, Тамарахоним билан тушган суратлари, иш фаолияти ва ҳаёт йўллари акс этган лавҳалар. Уларга нигоҳ ташлар экансиз, худди ўша даврга тушиб қолгандек сезасиз ўзингизни. Хонани айланишда давом этиб, Амир Темур қабри очилиши сурати ёнида тўхтадик: Қори-Ниёзий, Герасимов, Малик Қаюмов…
Қайд этишларича, ўшанда Малик Қаюмовнинг кўзига кўплаб салла ўраган кексалар кўринган экан. Қабр очилишининг эртасига Иккинчи жаҳон уруши бошланган. Хона бурчагида турган Қори-Ниёзий бюсти ҳам хуш кайфият билан қарши олаётгандек. Ижодхонага ўтдик. Назаримда, китоблар дунёсига кирдик. Бу ерда ҳам саришталик, озодалик ҳукмрон. Стол устига ручкадан тортиб турли мамлакатлардан келтирилган совғаларгача қўйилган.
Жавондаги китоблар чиройли терилган. Сарғайган ранглари уларнинг қадимийлигидан дарак беради. Алломанинг ўзи яратган муаллифлик китоблари кўзни қамаштиради. Улар тарих, маданият, математика, адабиёт, астрономия каби мавзулар бўйича алоҳида терилган. Орасида ноёб топилмалар ҳам борлиги сезилиб турибди. Жавонга назарсолар эканман, ундан кам фойдаланганимдан афсусландим.
1918-1920 йилларда Қори-Ниёзий Ҳамза Ҳакимзода билан бирга ўзбек театр санъати, маданияти ривожига хисса қўшган. Бир неча чет тилларни тўлиқ билгани боис, у турли давлатларга сафари чоғида бемалол мулоқот қилганидан кўпчилик ҳайратлангани ҳақида эшитганмиз. Афсуски, ҳозирги ёшлар булар ҳақида кам билади. Бир олам таассурот билан ташқари ҳовлига чиқдик. Сўрида бир киши ўтирган экан, уни музей директори, физика-математика фанлари номзоди, доцент Акром Алимов деб таништиришди. Акром Алимовнинг айтишича, бу даргоҳ тарғиботига катта эътибор қаратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди. Шунда музейга келувчилар сони кўпайиб, ундаги бебаҳо бойликлардан, ноёб китоблардан ёшлар баҳра олади.
ЯХШИДАН БОҒ ҚОЛАДИ…
Азиз ҚАЮМОВ, академик, филология фанлари доктори:
— Тошмуҳаммад Ниёзович Қори-Ниёзий домулла ХХ аср ўзбек илм-фан дунёсида ўзига хос ўрин тутган буюк сиймо эди. Ўзбекистон Фанлар академиясига ишга келган ёш илмий ходимлар авлоди ана шундай улуғлар тарбияси остида шаклланган.
Всеволод РОМАНОВСКИЙ, академик:
— Қори-Ниёзий ҳозир барча томонидан тан олинган ўзбек математика тилини яратди. Ўзбек халқи чархланган фикр қуролига эга бўлдики, бу унинг кейинги ривожланишида катта роль ўйнайди.
Мақсуд ҚОРИЕВ, ёзувчи, журналист:
— Мен атоқли олим, мутафаккир Қори-Ниёзий музейини кўриб, бу ажойиб илм кошонасини ташкил этган отамизнинг садоқатли ўғиллари Шавкатжонга ўз миннатдорлигимни билдираман. Зеро, Қори ака мен учун ҳам ён қўшни, ҳам устоз эди. Қори акадан кўп нарсаларни ўрганганман. Ул улуғ зот аллома сифатида ҳам, инсон сифатида ҳам тенгсиз эди. Ўзбегимнинг ҳақиқий ўғлони, Фанлар академиясининг биринчи президенти эди. Газетада (“Ўзбекистон овози”) маънавий ва маърифий кенгашнинг раиси сифатида узоқ йиллар журналистларга илм-фандан, инсонийликдан сабоқ берган устоз эди. Биз ул зотнинг сиймоси олдида бош эгамиз.